Аждодларимиз сиймоси ғарб киноси талқинида

Аждодларимиз сиймоси ғарб киноси талқинида

Аксарият санъат турларини ўзида жам эта олган кино санъатининг инсон қалби, шуури, маънавий дунёсига таъсири беқиёс. Шу боис ҳам бу кучдан мафкуравий таъсир ўтказиш, ёт ғояларни тарғиб қилиш, ўтмишни сохталаштириш, ғаразли манфаатлар йўлида фойдаланиш, бир сўз билан айтганда, ўтмиш ва келажакни ўз истакларига мослаб талқин қилишга интилишлар ҳамиша бўлган. Бироқ бугунги кунимизга келиб ана шундай уринишлар бениҳоя кўпайгани кузатилмоқдаки, бунга бефарқ бўлиш, жим қараб туриш мумкин эмас.

Ибн Сино табобатни инглизлардан ўрганганми?

Германиялик режиссёр Филипп Штёлцл томонидан суратга олиниб, 2013йилнинг 25 декабрида оммага тақдим этилган «Табиб» (ингл. «The Physician», нем. «Der Medicus») фильми бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Фильмга англиялик Роберт Коулнинг ҳаёти ва буюк табиб Абу Али ибн Синога шогирд тушиб, тиб илмини ўрганиши билан боғлиқ воқеалар асос қилиб олинган. Шу боис ҳам россиялик дубляжчилар ушбу саргузашт-драма номини тўғридан-тўғри «Табиб. Ибн Синонинг шогирди» деб таржима қилишган. Аслида Ғарб киноусталарининг буюк бобокалонимиз сиймосини гавдалантиришга уриниши – қувончли ҳодиса. Бироқ америкалик ёзувчи Нуҳ Гордоннинг шу номдаги асари асосида суратга олинган мазкур кинокартинада тарихий воқелик бузиб кўрсатилганки, бу ҳеч биримизни ташвишлантирмай қўймайди.

«Табиб» фильмидан лавҳалар

Фильмда жаҳолат ботқоғига ботган XI асрдаги Англия тасвирланади.  Тўқима образ – 11 яшар Роберт Коулн (Том Пэйн)инг онаси номаълум касалликдан вафот этади. Бу жудоликдан сўнг унинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетади. Етим қолган болакай табобатдан унчалик хабари бўлмаса-да, ўзини қўли енгил табиб қилиб кўрсатиб, содда инсонларнинг пулини шилиб кун кечирадиган сартарошга шогирд бўлиб тушади. Йиллар ўтиб Роберт устозининг ўргатганларидан қониқмай бошлайди.
.

«Табиб» фильмидан лавҳалар

Кунларнинг бирида яҳудий табибдан Исфаҳонда яшайдиган ҳакими ҳозиқ ибн Сино (Бен Кингсли) ҳақида эшитади ва ундан сабоқ олиш учун Шарққа йўл олади. Кўп қийинчиликларни бошдан кечириб, кўзлаган манзилига етиб боради. Дарвоқе, Исфаҳондаги тиббий мадрасада фақат мусулмон ёки яҳудийлар таълим олиши мумкин эди (ҳарқалай, фильм ижодкорлари шундай талқин қилишади). Шу боис Роберт ўзига жуҳудча Йесси бин Беньямин исмини олади. Бироқ уни мадрасага қабул қилишмайди. Шунда у тасодифан ибн Сино билан рўбарў келиб қолади ва унинг ёрдами билан талаба бўлади. Тиришқоқлиги, илмга чанқоқлиги билан улуғ ҳакимнинг меҳрини қозонади. 

 

«Табиб» фильмидан лавҳалар

Ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида таваллуд топгани, Бухоро мадрасалари, Хоразмдаги Маъмун академиясида таҳсил олгани, мамлакатдаги нотинч вазият, сулолалар ўртасидаги ўзаро урушлар туфайли юртимиз ҳудудидан бош олиб кетиб, Нисо, Обивард, Тус, Шиққон, Жузжон, Рай, Ҳамадон, Исфаҳон каби шаҳарларда яшашга мажбур бўлганини кўпчилигимиз яхши биламиз. Бироқ фильмда бирон марта алломанинг асл ватани ва асл исми – Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Али ибн Сино тилга олинмайди. Ибн Сино ҳаёти билан яхши таниш бўлмаган томошабинда у эронлик табиб сифатида таассурот қолдиради.

Қизиғи шундаки, кинокартинада бутун дунёга донги кетган, табиблар султони дея тан олинган ибн Сино образига эмас, тўқима қаҳрамон Роберт Коулга кўпроқ урғу берилган. Нима бўпти, ахир бу кино-ку, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин дейишга бироз шошилманг.

Тарихий манбаларда ибн Сино тарбиялаган, ундан билим олиб юксак даражаларга эришган ҳакимлар ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Бироқ уларнинг ҳеч бирида бобокалонимизнинг бирор-бир европаликни, жумладан, қандайдир Роберт Коул ёки Йесси Беньяминни шогирдликка олгани ҳақидаги қайдлар учрамайди.

«Табиб» фильмидан лавҳалар

Фильм ижодкорлари талқинига кўра Роберт Коул Исфаҳон аҳлини ўлат балосидан озод этади. Шунингдек, қора ўлатнинг ҳаво-томчи ҳамда касалланган мурдалар, турли кемирувчи ва ҳашаротлар орқали юқиши, инсоннинг ички аъзолари тузилиши ва хусусиятлари, организмидаги қон айланиш тизими ва бошқа кўплаб тиббий билимларни улуғ аллома айнан англия­лик шогирдидан ўрганади.

Ваҳоланки, жаҳон фани тарихида ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз даврида мавжуд бўлган фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид 450 дан ортиқ асар ёзган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида келтирилишича, у табобат тарихида биринчи бўлиб вабо билан ўлатни фарқ­лаган, юқумли касалликлар билан оғриган беморларни бошқалардан ажратган ҳолда даволаш (карантин) кераклигини таъкидлаган, сариқ касаллиги, мохов, қизамиқ, сувчечак, куйдирги, зотилжам, менингит, захм, ошқозон яраси каби касалликларнинг белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаб берган.

Улуғ алломанинг асарларида ҳозирги жарроҳликда қўлланиб келинаётган­ айрим усуллар баён қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Фаолияти давомида кўплаб касалликларни жарроҳлик орқали даволашга муваффақ бўлган. Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача «Авиценна усули» деб аталади. Умуртқанинг қийшайишини ибн Сино ўзи ихтиро қилган ёғоч мослама ёрдамида тузатган. Бу усулни XV асрда француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш усули ҳам аждодимиз томонидан кенг қўлланган, лекин у ҳам кейинчалик унутилиб, европалик табиблар томонидан 1852 йилда амалиётга янги ихтиро сифатида қайтарилган. Ҳозирги кўз жарроҳлигида қўлланаётган усулларнинг қарийб барчаси ибн Синога маълум бўлган. Буларнинг ҳаммаси исботланган ва тан олинган ҳақиқатлардир.

Тарихни билмасликми ёки бузиб кўрсатиш?!

Фильмда Исфаҳон шоҳи Алоуддавла кўричак билан оғригани, уни Роберт жарроҳлик амалиёти орқали бу дарддан фориғ этгани, устози эса унга ёрдамчилик қилгани кўрсатилади. Шу биргина эпизоднинг ўзида бир нечта ёлғон мужассам. Биринчидан, тарихда яшаб ўтган Абу Жаъфар Муҳаммад Алоуддавла ибн Кокуя Исфаҳон шоҳи эмас, балки амири бўлган. У фильмда тасвирланганидек салжуқийлар эмас, балки ғазнавийлар сулоласига қарши уруш олиб борган. Ибн Синонинг жарроҳликни мукаммал ўзлаштиргани ҳақида юқорида айтиб ўтдим, шу боис унинг Роберт Коулдан бу илмни ўргангани ва унга ёрдамчилик қилгани улуғ аждодимизга туҳматдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, кўричакни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти илк марта XVIII асрда ўтказилган.

    «Табиб» фильмидан лавҳалар

«Табиб»даги ёлғонлар шугина эмас. Фильмда яҳудий табиблар Робертнинг устози сартарош Барберни жарроҳлик йўли билан катаракта (кўз гавҳарининг хира тортиши)дан халос этишади. Аслида эса бундай операция илк марта 1700-йилларда француз жарроҳи Жак Давиэл томонидан ўтказилган. Чўнтакда олиб юриладиган китоблар XIX асрга келибгина урф бўлган, фильмда «Минг бир кеча» туркумидаги китобларнинг замонасидан бир неча асрга илгарилаб кетганини кўриш мумкин. Қолаверса, қадимги иброний (иврит) тилини билмаган Робертнинг яҳудий дини муқаддас китобларидаги ақоидларни ўқий олганига ва узоқ вақт давомида ўзини жуҳуд сифатида кўрсата олганига ишониш қийин. Фильм сўнггида ибн Синонинг вафотидан кейин (1037 йил) Робертнинг Англияга қайтгани кўрсатилган кадрларда машҳур Тауэр девори ва кўприги яққол кўзга ташланади, ҳақиқатда эса улар қирол Ричард Шерюрак (1189-1199) ҳукмронлиги даврида барпо этилган.

Кинокартина бошдан-оёқ улуғ аждодимизнинг шаъни ва шуҳрати, муқаддас диний қадриятларимизга зарба беришга қаратилган. Биргина киноасар ниҳоясида ибн Синонинг заҳар ичиб, ўз жонига қасд қил­ган ҳолатни олайлик. 10 ёшга етар-етмас Қуръони каримни хатм қилган, 12 ёшида ислом қонунчилигини­ тўлиқ ўзлаштирган инсон бу ишнинг гуноҳи кабира эканини билмаслиги мумкинми?! Қолаверса, улуғ ватандошимизнинг­ 57 ёшида, яъни 1037 йилда қу­лунж (йўғон ичакнинг яллиғланиши) касаллигидан вафот этгани ҳақида манбаларда аниқ далиллар бор-ку! Қарийб уч соатлик фильмдан бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Бадиий тўқима масъулияти

Бадиий тўқима ижодий жараённинг ажралмас қисми, бадиий асарнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бироқ бадиий тўқимада ҳам меъёр бўлиши керакки, у тарихий ҳақиқатга зид келиши, инсонлар ва халқларнинг табаррук тушунчаларини таҳқир­ламаслиги лозим. Шундай экан, Филипп Штёлцлнинг фильми ва унга асос бўлган Нуҳ Гордон асаридаги тарихимиз бузиб кўрсатилган, улуғ бобокалонимизнинг шаъни ва муқаддас қадриятларимизга ҳурматсизлик қилинган ҳолатларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ҳар бир асар, у кинофильм, спектакль бўладими ёки шеър, қисса, роман, бундан қатъи назар, муаллифнинг­ интеллектуал мулки ҳисобланиб, халқа­ро ҳуқуқ ва миллий қонунчилик норма­лари билан ҳимоя қилинади. Шу билан­ бирга, муаллифларнинг зиммасига алоҳида мажбуриятларни юклайдиган қоидалар ҳам мавжуд. Улардан бири дисклаймер (инг. «disclaimer» – олдин­дан эълон қилмоқ, огоҳлантирмоқ сўзи­дан олинган) ёки жавобгарликни инкор қилиш, айрим манбаларда эса ҳуқуқий эслатма деб номланади.

Дисклаймер – жавобгарликдан бош тортиш, огоҳлантириш бўлиб, нафақат нотижорий мақсадлар ҳақида маълум қилишни, балки ҳақиқий воқеалар билан ўйлаб чиқарилган тарих ўртасидаги ҳар қандай ўхшашликнинг тасодифий экани тўғрисида хабардор қилишни англатади.

Шундан келиб чиқиб, Нуҳ Гордоннинг «Табиб» романи илк марта 1986 йилда чоп этилганда барселоналик ноширлар асарга қуйидаги эслатмани илова қилишни унутишмайди: «Бу беллетристик асар бўлиб, ундаги барча исмлар, белгилар, жойлар ва инцидентлар муаллиф хаёлотининг маҳсулидир. Ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай инсонлар, тирик ёки марҳумлар, компаниялар, ҳодисалар ва улар рўй берган жойлар билан боғлиқ ҳар қандай ўхшашлик мутлақо тасодифийдир». «Табиб» фильми ижодкорлари эса буни «унутиб» қўйишди ёхуд шунчаки ўзларига эп кўришмади.

Дунё киноихлосмандларининг меҳрини қозонган “Шерюрак” фильмида ҳам тарихий ҳақиқатдан чекиниш ҳолатлари кузатилади. Бироқ улар тарихий қаҳрамонУильям Уоллеснинг шон-шуҳратига соя ташламаган, аксинча, фильмнинг савияси ва таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган. “Табиб” фильмида эса бунинг тамоман аксини кўрамиз.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Президентимизнинг 1999 йил 6 январдаги қарори билан ибн Сино халқаро жамғармаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари сифа­тида дунё табобатига улкан ҳисса қўшган шифокор, олим ва файласуф Абу Али ибн Синонинг башариятга қолдирган бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, тиббий ва илмий-маънавий меросига оид тадқиқот­лар олиб боришга, унинг фандаги мак­табларини ўрганишга, асарларини тартибга солиш ва нашр этишга кўмаклашиш, олимларнинг бу борадаги илмий фаолиятини рағбатлантириш ва мувофиқлаштириш, ибн Сино таълимо­ти ҳамда замонавий тиббий илм асосида Шарқ табобатини (халқ табобатини) ривожлантириб бориш, чет эл олимлари билан алоқалар ўрнатиш, улуғ аждодимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро симпозиум, конференция ва конгресслар ўтказиш белгилан­ган эди. Минг афсуски, «Табиб» фильмининг намойишига бир йилдан ошганига­ қарамай, на ибн Сино халқаро жамғар­маси, на бошқа мутасадди идоралар бунга ўз муносабатини билдиришди.

Бу мулоҳазаларимни ўқигач, айримларнинг хаёлидан «Бу бор-йўғи кино бўлса, шунга шунчами?» деган фикр ўтган бўлиши табиий. Ҳа, бу оддий бир кино, холос.Аммо у миллатимизнинг фахри бўлган бобокалонимиз шаънини, оламшумул ишларини шубҳа остига қўймоқда. Фильмни кўргач, китоб ўқиб, асл манбаларни варақлаб ҳақиқатнинг тагига етадиган­лар кам топилади. Балки умуман топил­мас. Шундай экан, дунё аҳли Абу Али ибн Синони Филипп Штёлцлнинг­ «Табиб»идаги қиёфада тасаввур қилади, кимдир унинг оламшумул ишлари­дан оғиз очса, унга асло ишонмайди.

Журналист Рустам Жабборов шундай ёзади:

— Ғарб киноусталари буюк аждодларимизнинг тарих олдидаги хизматларини сохталаштириш эвазига миллионлаб доллар топаётгани етмагандек, жамоатчилик фикрини нотўғри тарафга йўналтирмаяптими? Миллионлаб томошабинлар наздида буюк ҳаким Ибн Синонинг жаҳоний шуҳрати Ғарб адибининг хаёлот маҳсули бўлган аллақандай Роберт Коулнинг соясида қолиб кетмаяптими? Ахир бу тарихий воқелик ва аждодларимиз меросига нисбатан ҳурматсизлик эмасми?

 Тасаввур қилинг, бизнинг киночиларимиз Ньютонга бутун дунё тортишиш қонунини ўргатган, Коперникка ернинг ўз ўқи атрофида айланишини англатган, Шекспирга трагедия ёзишдан сабоқ берган ўзбек олиму фозиллари ҳақида фильм суратга олишди. Шунда қандай тўс-тўполон юз беришини, Ғарб танқидчилари қанчалик ғазабга минишини кўз олдингизга келтиринг-а?!Шундай экан, биз ҳам ўз аждодларимизнинг оламшумул ишлари билан фахрланишга, уларнинг сиймоси, шаъну шарафини ҳимоялашга ҳақлимиз.

Тарихий адолат, ҳақиқат қарор топ­моғини истар эканмиз, бунинг учун қўл қовуштириб ўтирмасдан курашиш талаб этилади. Эҳтимол, «Табиб» фильми­ ва унга асос бўлган асарга нисбатан дипломатик каналлар орқали норозилик нотаси юбориш керакдир. Майли, бу билан фильм намо­йишини тўхтатиб, айни пайтда миллионлаб нусхада қайта чоп этилаётган Нуҳ Гордоннинг асарини тақиқлаб бўлмас. Аммо бундан кейин биз билан ҳисоблашадиган бўладилар. Бу орқали келгусида ана шундай ҳолатлар рўй беришининг олдини олган бўламиз.

Голливуд Амир Темур ҳақида фильм олмоқчи…

2014 йилнинг октябрь ойида интернет нашрларида Голливуд ижодкорларининг Амир Темур ҳақида блокбас­тер суратга олишни режалаштираётгани хусусида хабарлар пайдо бўлди. Кинокартина продюсерларидан бири Андрей Поклонскийнинг маълум қилишича, фильм сценарийси Голливуд мутахассислари томонидан ёзилган бўлиб, ўз ичига қизиқарли сюжет, кучли характер эгалари ва жиддий драмани қамраб олади. Хабарда бош ролни ижро этиш учун Ҳью Жекман номзоди кўриб чиқилаётгани ҳам маълум қилинган.

Аслида бу хабарни олқишлаб кутиб­ олишимиз керакдек. Тўғри-да, дунёнинг­ энг донгдор киносаноати вакиллари улуғ аждодимизнинг сиймосини гавда­лантирмоқчи бўлишса-ю, бундан хурсанд бўлмай бўларканми? Бироқ Россия ва Америка сармоядорлари томони­дан молиялаштирилаётган ушбу фильм­да соҳибқироннинг қандай қиёфада гав­далантирилиши, фильм воқеалари ўзани қаёққа йўналтирилгани, назарим, жиддий эътиборни талаб этади.­

Энди Андрей Поклонский ҳақида икки оғиз маълумот. У йирик тадбиркор бўлиши баробарида 2003 йилда ташкил этилган ва миссионерлик билан шуғулланувчи «Россия православие мазҳаби ҳомийлари клуби»нинг раиси ҳам ҳисобланади. Шундай ташкилот раҳбарининг буюк мусулмон саркардаси ҳақида фильм олаётгани ғалати туюлмаяптими? «Бир балоси бўлмаса...» дейсизми? Ҳа, балли! Агар фильм сценарийси билан танишсангиз, унинг асл мақсадини англаб олишингиз қийин кечмайди.

Россия оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Амир Темурнинг туғилиши ва соҳибқиронга айланиши, рус ерларига уюштирган сафари, янаям аниқроғи, бу заминни вайрон этмаслиги сабаблари фильмнинг асосий воқеалари бўлади.

– Америка кашф этилишидан анча олдин бизда улкан тамаддун мавжуд эди, – дейди А.Поклонский интервьюларидан бирида. – XIV аср сўнггига келиб у таҳдид остида қолган эди. 1395 йилда Темурнинг 200 минг кишилик енгилмас қўшини сарҳадларимизга яқинлашиб келди. Русларда жанг санъатидан бехабар деҳқонлардан ташкил топган бор-йўғи 35 минг кишилик қўшин бўлган. Ғалаба қозониш учун ҳеч қандай имконият йўқдек эди, бутун мамлакат тинмай Яратганга илтижо қиларди. Шунда мўъжиза рўй беради: жанг бошланишига тўрт соат қолганида Биби Марям Темурнинг тушига кириб, бу замин унинг ҳимоясида эканини айтади ва чекинишни буюради. Улуғ жаҳонгир юқоридан келган овозга қарши боришга жазм этмайди ва яхшиликча қўшинини ортга қайтаришга қарор қилади. Шундай қилиб, эътиқод мамлакатни асраб қолади.

Фильмнинг асосий фабуласи шундан иборат. Ваҳоланки, соҳибқирон даврига­ оид ва ундан кейинги тарихий манбаларнинг ҳеч бирида бундай воқеа қайд этилмаган. Аммо собиқ тузум даврида чоп этилган китобларда Амир Темур аскарлари Москва атрофларига етиб боргани хусусида «мўғул-татар қўшинлари Москвани қамал қилдилар», деган нотўғри маълумотлар илгари сурилади. Ҳолбуки, Шарафиддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» асарида 1395 йилда Тўхтамишхонни таъқиб қилаётган соҳибқирон Амир Темур лашкари Москвага қадар борганлиги тўғрисида хабар беради. Лекин бир қатор рус тарихчилари Яздий Москва билан Рязанни адаштирган, Амир Темур Елецдан нарига ўтмаган деган фикрни айтадилар. Бироқ уларнинг бу фикри ҳеч қандай тарихий далил билан исботланмаган. Аксинча, «Зафарнома»да соҳибқирон томонидан забт этилган рус шаҳарларининг рўйхати келтирилган бўлиб, улар орасида Москва ҳам бор.

Миссионерларнинг миллион­лаб маблағ сарфлаб, бундай улкан уй­дирмани яратишдан кўзлаган мақса­ди битта: у ҳам бўлса соҳибқироннинг довруғидан ўз ғояларини янада кенгроқ ёйиш, тарафдорлари сонини кўпайтиришда фойдаланиш.

Бир неча йил муқаддам Голливуд киноижодкорлари томонидан яратилган «Александр» фильмида буюк саркарда, юнонларнинг миллий қаҳрамони – македониялик Александр бесоқолбоз сифатида тасвирланганини ҳаммамиз яхши биламиз. Фильм намойишидан сўнг Юнонистонда норо­зилик намойишлари бўлиб ўтди. Нати­жа қандай бўлди? Ҳеч қандай. Вақт ўтиб, юнонлар ҳам тақдирга тан бериш­ди, «Александр» эса жаҳон кинопрокатида энг кўп маблағ жамғарган фильм­лардан бири бўлиб қолди. Бугун та­рихдан бехабар, онги ва билимлари шу каби кинолар орқали шаклланаётган­ одамлар, айниқса, ёшлар македониялик Александр деганда ер юзининг ярмидан кўпини забт этган буюк саркардани эмас, биз муҳокама қилаётган фильм қаҳрамонини тасаввур қилишади. Хулоса чиқариш ўзингиздан...

Муаммонинг илдизи…

Юқорида баён этганларимиз танганинг бир томони, холос. Албатта, бу ҳолатларни жавобсиз қолдириб бўлмайди. Ушбу ҳолатларга ўз муносабатимизни билдиришимиз керак. Ва кези келганда масаланинг бошқа жиҳатларига ҳам тўхталишга мажбурмиз.

Шу пайтгача Амир Темур ҳақида бир қанча фильм ишланган. Бироқ уларнинг ҳеч бири дунё даражасига чиққан эмас ва улуғ соҳибқирон шахси­ни очиб беролмаган. Бобокалонимиз сий­мосини биринчи бўлиб кинода озар­лар жонлантиришган, 1973 йилда суратга олинган «Насимий» фильмида Юсуф Велиев Амир Темур образини гавдалантирган. Режиссёр Тимур Бекмамбетовнинг 2005 йилда яратилган «Кундузги посбон» номли фантастик фильмига ҳам улуғ саркарда образи киритилган. 2006 йилда россиялик режиссёр Александр Фетисов томонидан «Темур қарғиши» номли ҳужжатли фильм суратга олинган. Яна мен билмаган, эшитмаган, кўрмаган бошқа бир қатор фильмлар...

Соҳибқирон ҳақидаги фильмлар

1996 йилда мамлакатимизда соҳибқирон таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб иккита киноасар яратилган. Бири Хуршид Даврон сценарийси асосида яратилган «Темурнома» номли­ 21 серияли телевизион фильм бўлса, бошқаси Бўрибой Аҳмедов, Бақо Содиқов, Абдулла Ориповларнинг сценарий­си асосида суратга туширилган икки қисмли «Буюк Амир Темур» тарихий-биографик кинофильмидир. Режиссёрлар Исамат Эргашев, Бақо Содиқов то­монидан ишланган «Буюк Амир Те­мур» фильмидаги камчиликларни оддий томошабин нигоҳи билан ҳам осонгина илғаб олиш мумкин. Шундай­ экан, профессионал кинотанқидчилар, соҳа мутахассислари унга қандай баҳо бериши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

«Буюк Амир Темур» фильмидан лавҳалар

Тарихий жанр борасида қўшниларимиз биздан анча илгарилаб кетганини тан олмай иложимиз йўқ. Масалан, Қозоғистон киноижодкорлари 2005 йилда францияликлар билан ҳамкорликда «Кўчманчи» (бюджети – 34 млн. АҚШ доллари), 2007 йилда Россия ва Германия киноусталари билан биргаликда «Мўғул» (бюджети – 18 млн. АҚШ доллари) фильмларини яратган бўлиб, дунё кинопрокатини забт этишга улгурди.

«Кўчманчи» фильмидан лавҳалар

 

«Мўғул» фильмидан лавҳалар

Қирғизистон кино ижодкорлари Олой маликаси – Қурбонжон Додхоҳ ҳақидаги фильм (бюджети – 1,5 млн. АҚШ доллари) билан кино оламининг энг нуфузли «Оскар», «Ника» мукофотларига даъвогарлик қилди (фильм кичик «Оскар» ҳайкалчаси билан тақдирланди). Минтақада кино санъати энг ривожланган мамлакат сифатида тан олинсак-да, юртимизда яшаб ўтган тарихий шахслар ҳақида юқоридаги фильм­лар билан тенглаша оладиган киноасарлар яратолмасак?! Хўш, бунинг сабаби нимада?
 

«Қурбонжон додхоҳ» фильмидан лавҳалар

Бу каби муаммолар ҳақида сўз кетганда, режиссёр ва актёрларимиз айбни кинодраматург ва ёзувчиларга, улар эса ўз навбатида тарихчиларга тўнкашади.Бироқ бу масалага ечим топиб бермайди. Бунинг учун Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тарих ва шарқшунослик институтлари бир ёқадан бош чиқариб, 31,5 миллионлик халқ ва келажак авлод олдидаги маънавий бурчини ҳис этган ҳолда, истеъдод ва маҳоратга таяниб меҳнат қилиши талаб этилади, холос. Шундагина бизнинг аслида ким, қандай буюк зотларнинг вориси эканимизни намоён этадиган асарлар дунё юзини кўради. 

Жамшид Ниёзов

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама