Усталарга бериш “жалко”ми? Ёхуд тарбиясиз таннознинг иддаоси

Усталарга бериш “жалко”ми? Ёхуд тарбиясиз таннознинг иддаоси

Рамазон кунларининг бирида нон харид қилиш учун уйимиз яқинидаги нонвойхонага чиқдим. Иссиққина нонларнинг хушбўй ҳиди дилларга хузур бахш этади. Ҳам арзон, ҳам мазали нон пишириб, эл дуосини олаётган нонвойларга миннатдорчилик билдириб қўйишни ўзимга фарз билдим:

- Барака топинглар, жуда мазали нон ёпаяпсизлар, оиламиз билан роҳатланиб тановул қилаяпмиз.

Бир нуқтага қараб ўйланиб ўтирган сотувчи аёл эътирофимдан жонланиб сўзга кирди:

- Ҳозиргина бир аёл “Спарк” автомашинадан тушиб келиб, бир нечта иссиқ нон сотиб олди. Чиқиб кета туриб, қошларини чимириб:  “Бу нонларни усталарга бериш жалко-да”, - деса бўладими? Жавоб қайтаришга улгуролмай қолдим. Чиқди-ю, машинасига ўтириб жўнаворди. Хонимчанинг бу гапидан ҳали ўзимга келолмаяпман, ахир усталар ҳам одам-ку?!

Сотувчи дилини оғритган сўз менинг ҳам кўнглимга оғир ботди. Қизиқ, уста ишлатаётган бу тарбиясиз таманно қайси қавмдан бўлди? Шарқона таълим-тарбиядан мутлақо бехабар бу танноз қандай ота-онадан туғилгану,  болаларига қандай тарбия бераётган экан?

Диёнатли нонвойларнинг яхши ниятлари, саъй-ҳаракатлари билан мазали нон ёпилаётган экан, нимага қувонмаймиз? Қизиқ, нонвойлар учун алоҳида нон пишириш керакми? Сотувчи айтгандай, усталар ҳам инсон-ку. Улар ҳам кимнингдир отаси, кимнингдир акаси ёки укаси, азиз фарзанди бўлиши мумкин. Ҳалол меҳнатлари билан эл орасида катта обрў-эътибор топиб, давраларнинг тўрида юрган шундай ҳурматли усталаримиз борки, ҳавас қиласан киши.

Муқаддас китобларимизда мўмин-мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўриши уқтирилган-ку. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, деганлар.

Алишер Навоий ўзининг “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) асаридаги бу ҳадисни қуйидагича шеърий таржима қилади:

Мўъмин эрмастур, улки иймондин

Рўзгорида юз сафо кўргай.

Токки қардошига раво кўрмас –

Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Азиз ота-оналар, фарзандларимизга дастурхон бошида чиройли сабоқлар беришни унутмайлик. Инсон ва унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғ эканлиги, ҳар қандай касб эгалари шараф ва эъзозга лойиқ эканликларига ҳаётий мисоллар келтирайлик.Бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганимизда қабрда ёнимиздан яхшиликларимиз, ибодатларимизгина жой олишини, охиротда бизга еганларимиз эмас, едирганларимиз, кийганларимиз эмас, кийдирганларимиз фойда келтиришини уларга тушунтирайлик.

         Токи, кун келиб улар оғзидан чиққан мана шундай ножўя сўзлар дилларни вайрон қилиб, икки дунёмизни жаҳаннам айламасин!

Салима ХОЛДОРОВА.

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама