Араб давлатлари раҳбарлари қаерда таълим олишган?

Араб давлатлари раҳбарлари қаерда таълим олишган?

Нима деб ўйлайсиз, серҳашам саройларда истиқомат қилиб, шу кунларда Яқин Шарқ тақдирини ҳал қилаётган араб етакчиларининиг маълумотлари қандай экан? 

Улар қай бирлари Оксфордда ўқиган-у, қай бирлари ҳаттоки бошланғич ва ўрта таълимдан у ёғини ҳам кўрмаган?

Қуйида шу саволимизга жавоб қидириб, араб-мусулмон давлатлари раҳбарларининг маълумотлари қандайлигини кўриб чиқамиз.

1. Баҳрайн қироли Хамад ибн Исо ал Халифа

У Баҳрайндаги бошланғич мактабга олти ёшидаёқ борган. Таълим билан бир қаторда Қуръони карим ва дин асосларини ўрганган. 
Бўлғуси қирол бошланғич мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Англиянинг Кембрижидаги Лейс ўрта мактабига ўқишга киради. У ерда у ислом динини ўрганишни давом эттирган ҳолда, инглиз тилини ҳам ўзлаштиради. Ўрта мактабни тугатиб, 1967 йили ёзда Баҳрайнга қайтиб келади.

1967 йил 14 сентябрда ал Халифа Гэмпшир графлиги, Олдершотдаги Мон кадетлар коллежига киради ва бу ерни 1968 йил 16 февралда муваффақиятли тамомлайди. Шу тарзда у олий маълумотга эга бўлиб, Баҳрайнга қайтиб келиши билан мамлакат мудофаа кучларини ташкил қилиш бўйича режа ишлаб чиқади.

1971 йил 21 июнда ал Халифа Канзас штати, Форт Ливенвортда АҚШ армиясининг ҳарбий-қўмондонлик билим юртида ҳарбий таълим олишни бошлади. 

У Канзас штати томонидан Озодлик медали билан тақдирланган. Ливенвортда ўқишдан бўш вақтларида иккинчи маълумотни ҳам олган. 1972 йил 31 майда Ал Халифа Вашингтон шаҳридаги Қуролли кучларга тегишли Саноат коллежида хорижий журналист даражасини олган. 

Келаси йил 9 июнда у аъло баҳоларга ўқишини якунлаб, “Генерал Штаб бошлиғи” ихтисослигини олади. 1972 йил 26 июнда муваффақиятлари эвазига фахрли АҚШ ҳарбий шаҳодатномаси билан тақдирланди. Унинг исми университетнинг энг яхши фахрий офицерлари орасида турган.

2. Саудия қироли Салмон ибн Абдулазиз ал Сауд

Саудия қироли бисотида олий таълим дипломи йўқ, чунки у олий таълим муассасасида таҳсил олмаган. 
Дастлабки таълимни у Ар Риёддаги шаҳзодалар мактабида олади. Ушбу мактабга қирол Абдулазиз ибн Сауд 1937 йилда ўз фарзандлари учун уларга дин асослари, Қуръони карим ва замонавий фанларни ўқитиш учун асос солган.

3. Миср президенти Абдул Фаттоҳ Халил ас Сиси


1977 йили ҳарбий академияни тугатган ва пиёда аскарлар сафида хизмат қилган.

4. Қувайт амири Сабоҳ ал Аҳмад ал Жабир ас Сабоҳ

Муборакия мактабида таълим олган. Отаси шайх Аҳмад ал Жабир ас Сабоҳ ўғлини тажриба, сиёсий маҳорат орттириш ва таълим олиш учун қатор Европа ва Осиё мамлакатларига ўқишга юборган.

5. Қатар шайхи Тамим бин Хамад ибн Халифа ал Тани

1977 йилда Буюк Британиядаги Шерборн ўрта мактаби дипломини олади, сўнг эса Англиянинг Беркшир графтлигидаги олий ҳарбий ўқув юрти бўлмиш Қироллик ҳарбий академиясида ўқийди. Қатар армиясида хизмат қилган. Араб тилидан ташқари у инглиз ва француз тилларини яхши билади.

6. БАА президенти Халифа ибн Зайд ал Нахён


Дастлабки таълимни катталиги бўйича иккинчи турувчи Абу Даби амирлигида жойлашган Ал Наймиан мактабида олган. Сандхерстдаги Британия қироллик ҳарбий академияси битирувчиси ҳисобланади.

7. Уммон султони Қобус ибн Сайид ал Сайид

Бошланғич ва ўрта таълими Уммондаги Салала шаҳрида олган. 1958 йил сентябрда отаси уни Англияга ўқишга юборади, у ерда ўқишни Саффолкдаги хусусий мактабда давом эттиради. 1960 йилда Сандхерстдаги Британия қироллий ҳарбий академиясига ўқишга киради ва у ердаги икки йиллик таълими давомида ҳарбий илмларни ўрганади. У бу даргоҳни лейтенант унвонида тугатади. Тез орада Германияда фаолият олиб бораётган батальонлардан бирининг сафига қўшилиб, у ерда олти ой хизмат қилади. Кейинчалик Британияга қайтиб, маҳаллий ўз-ўзини бошқарув тизимини ўрганиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтади. 
У 1964 йилда ватанига Салала шаҳрига қайтиб келади.

8. Сурия президенти Башар Асад

Бошланғич ва ўрта таълимни Дамашқда олган, кейин тиббиёт илмини ўрганишни бошлади ва 1988 йилда шифокорлик дипломига эга бўлди. Асад Тишриндаги ҳарбий госпиталда ишлай бошлади, 1992 йилда кўз шифокори мутахассислигини олиши учун Буюк Британияга отланди. 1994 йилда Сурияга қайтиб келгач, мамлакатда ахборот фаолияти билан шуғулланувчи Сурия илмий жамиятига раисликка тайинланади. Араб тилидан ташқари Асад инглиз, француз ва испан тилларида эркин мулоқот қила олади. У мамлакатнинг Қуролли кучлари сафига кирган. Ҳозирги вақтда полковник унвонига эга.

9. Ироқ президенти Муҳаммад Фуад Масум Хаврамий

18 ёшигача Ироқ шимолида диний таълим олган ва кейинчалик Қоҳирага ал Азҳар университетига ўқишга кириб, ўзининг диний таълимини давом эттиради. Ислом ҳуқуқшунослиги ихтисослиги бўйича бакалавр ва исломий илмлар мутахассислиги бўйича магистр даражаларига эга, шунингдек фалсафа фанлари доктори ҳисобланади.

10. Иордания қироли Абдуллоҳ II


Бошланғич таълимни 1966 йил Аммандаги Ислом коллежида олади. Кейин Англиядаги Авлиё Эдмунд мактабида ўқишини давом эттиради. АҚШдаги Дирфилд академиясида ҳам ўқиган. Оксфорд университетида малака оширади, 1980 йили Сендхерстдаги Британия қироллик ҳарбий академиясига ўқишга кириб, тез орада қироллик кавалерияси сафига қўшилади. Бир йил ўтгач иккинчи даражали лейтенант унвонини олади. 1987 йилда Абдуллоҳ II АҚШ Жоржтаун университетининг дипломатия мактабида магистратура таълим босқичини тугатади.

11. Марокаш қироли Муҳаммад VI ибн ал Ҳасан

Тўрт ёшида отаси уни Работдаги сарой қошидаги Қуръон мактабига ўқишга юборади. Бошланғич таълимни у “Мидия” мактабида, ўрта таълимни “Мулави” институтида олади. 1981 йилда бакалавр даражасини олади ва Работдаги Муҳаммад V университетида юридик, иқтисодий ва ижтимоий фанлар факультетида ўқишни давом эттиради. 1987 ва 1988 йилларда политология ва ҳуқуқшунослик ихтисосликлари даражасини олади. 1988 ва 1989 йилларда ўша пайтдаги Европа комиссияси раиси Жак Делор офисида малака оширади. 1993 йилда “Европа иттифоқи ва Мағриб мамлакатлари ҳамкорлиги” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаб, Франциянинг Ницца университетини аъло баҳоларга тугатади. 2000 йил 22 июнда Жорж Вашингтон университети уни фахрий докторлик даражаси билан тақдирлади.

12. Судан президенти Умар Ҳасан Аҳмад ал Башир

1967 йилда Судан ҳарбий академиясини тугатган. 1981 йилда Қўмондонлик ва бошқарув университетида ҳарбий илмлар магистри даражасини олади. 1983 йилда Малайзияда ҳарбий илмлар магистри бўлади, 1987 йилда эса Судан Фанлар академияси аъзоси бўлади.

13. Жазоир президенти Абдул Азиз Бутефлика


Ўрта мактабни тамомлагач, 1956 йилда 19 ёшида Жазоир Миллий озодлик армияси сафига қўшилади.

14. Тунис президенти Божий Қоид ас Сабсий

Тунисдаги Садиклар инстутига ўқишга киради, кейин эса 1949 йилда ҳуқуқшунослик соҳасида ўқишни давом эттириш учун Парижга келади. Ўқишни тамомлагач, ватанига 1952 йилда қайтиб келади.

15. Фаластин президенти Маҳмуд Аббос

Ўрта таълимга Сурияда ўқиган, шу ерни ўзида Дамашқда университетни ҳам тамомлаган. Шундан сўнг у Қоҳира университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга топширади. 1982 йилда Москвадаги Россия халқлар дўстлиги университетида политология ихтисослиги бўйича олий маълумот олади. 1982 йилда “Нацистлар Германияси ва сионистлар ўртасидаги маҳфий алоқалар” мавзусида политология бўйича номзодлик диссертациясини ёқлайди. 

16.  Мавритания президенти Муҳаммад ибн Абдул Азиз 


Марокашнинг Миқнос шаҳридаги Ҳарбий академияни офицер-механик мутахассислиги бўйича якунлаган.

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама