Ўзбек мутахассислари қандли диабетга чалинганлар учун махсус дастур ишлаб чиқди

Ўзбек мутахассислари қандли диабетга чалинганлар учун махсус дастур ишлаб чиқди

Бугунги кунда дунёда бир неча миллион киши турли даражадаги қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда. Бу хасталикка чалинган инсон кундалик ҳаётида қатъий белгиланган тартибга, махсус белгиланган парҳезга амал қилиши керак.

Лекин кўпинча бундай беморлар кундалик таомномасида қандай маҳсулотлар, таомлар мумкин ёки аксинча, мумкин эмаслигини, ёки муайян маҳсулотнинг қанча миқдори зарарсиз эканлигини аниқ билолмай қийналишади. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокор-олимлари 1-турдаги қандли диабетга чалинганлар ўз таомномасидаги нон бирлигини ҳисоблаб бориши учун дастур ишлаб чиқди.

Дастурнинг қулайлиги шундан иборатки, бемор ўзининг жинси, ёшига мос равишда, биринчи ва иккинчи нонушта, тушлик ва кечки овқат учун махсус тузиб чиқилган таомномадан ўзи истаган таомни танлаши ва соғлиғи учун хавотир олмасдан бу таомни тайёрлаб тановул қилиши мумкин. Танлаб олинган озиқ-овқатлар тўпламидан нон бирлиги ҳисоблаб чиқарилади. Дастурнинг маълумотлар базасига асосий шифобахш парҳез менюси, ўзбек таомлари, унли маҳсулотлар, сут маҳсулотлари, мевалар, резаворлар, сабзавотлар, қуритилган мевалар ва ёнғоқлар, ичимликлар ва шарбатлар, ширинликлар киритилган. Дастур рус ва ўзбек тилларида, лотин алифбосида ҳам ишлайди. Олинган маълумотларни сақлаш, чоп этиш мумкин. Дастур нафақат қандли диабетга учраган кишилар учун, балки тиббиётнинг эндокринолог, педиатр ва терапевт шифкорлар фаолиятида ҳам жуда қўл келади.

Дастур муаллифлари – Г. Раҳимова, С. Исмоилов, З. Акбаров, А. Ташманова, Н. Алимова, Ҳ. Ғуломова, А. Алиева, А. Содиқова, А. Рябоштанлардан иборат шифокор-олимлар гуруҳига Интеллектуал мулк агентлигининг гувоҳномаси топширилди.

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама