«Кумир»лар берган тарбия «мева»си

«Кумир»лар берган тарбия «мева»си

Тақлид —  кимгадир эргашиб, уни такрорлаш, бировга ўхшашга ҳаракат қилиш. У инсоннинг қонида бор нарса ва бизга бекорга бу хусусият берилмаган. Айнан тақлид туфайли одам гапиришни, овқат ейишни, одоб-ахлоқни ва яшаш учун зарур бошқа малакаларни ўрганади. Афсуски, тақлид доим ҳам фойда келтирмайди, чунки кўпинча у онгли тарзда, меъёрда кечмайди. Бугун жамиятимизда, хусусан, ёшлар орасида кузатилаётган ҳолат бунга далилдир.

Ёшларимиз ўз севган буюк инсонлари, бир сўз билан айтсак, «кумир»лари хулқ-атворини, кийиниши, хатти-ҳаракатлари, турмуш тарзини шу даражада кўр-кўрона ва оммавий тарзда кўчиришяптики, бирон ўн йиллар ўтгач, юртимизда алоҳида шахслар бўладими ёки келажак мана шу бир хил юлдузга тақлид қилаётган бир хил омма қўлида қоладими, деган ўйга боради киши. Буюкларимиздан бири «Тақлид аслиятни тирилтириб, ўзни ўлдиришдир», деган эди. Яъни, шахс ўзини, ўзига хослигини, «мен»ини бир четга суриб, эзиб, ўлдириб, тақлид қилаётган феъл-атворни ўзида тирилтиради.

Хўш, ёшлар ўзи севган юлдузларга тақлид қилса, бунинг нимаси ёмон? Ёмон томони шундаки, тақлидчилар аввало, шаклни, янаям аниқроғи,  шаклнинг салбий томонларини нусхалайди. Миллий менталитетимизга ёт кийинишлар, юриш-туришлар, ўқиш, турмуш, оила масалаларига енгил қарашлар — буларнинг бари уйимиз тўрига чиқариб қўйганимиз телевизор аталмиш зомби-қути орқали ичимизга олиб кирилаётган ёт ғоялардир. Ҳозир буни «оммавий маданият» дейишмоқда. Оммавий дегани индивидуалликни, шахсни йўқ қиладиган, ҳаммани бирхиллаштириб, таъбир жоиз бўлса, зомбига айлантириб, осон бошқариш учун ўйлаб топилган пухта схемадир.

Келинг, шу ўринда гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун масалани ёшлар орасида авж олиб бораётган тақлидчиликни уч асосий нуқта — оила, тақлидчи ёшлар ва тақлид қилинаётган юлдузлар ракурсида кўриб чиқамиз.

Андиша пульти

Инсон шахс сифатида шаклланадиган икки асосий давр — болалиги ва ўсмирлигини оила ҳамда мактабда кечиради. Демак, шахснинг шаклланишига асосий пойдевор — оила ва мактаб. Оилаларимизда миллий анъаналар, қадриятлар нақадар эътиборга эга, тарбия қанчалик тўғри йўлга қўйилган бўлса, у ерда ўсаётган ниҳол ҳам шунчалик ёт ғояларга иммунитетли, ўзига ишонган ва бирон юлдуз қиёфасида эмас, ўз шахси билан ҳаётдаги ўрнини топишга ҳаракат қилади.

Сиз қиз тарбиялаяпсиз. Унга ҳамма нарсани муҳайё қилиб бергансиз: қулай шароит, яхши мактаб, кийим-кечак ва бошқа нарсалардан камчилиги йўқ. Сиз шу билан ота-оналик бурчимни бажардим дейсиз, хотиржам ишингизга бориб-келаверасиз. Лекин қизингиз маънан ёлғиз, унинг саволларига жавоб беришга, хавотирларини ёйиб юборишга, шубҳаларини кеткизишга, бир сўз билан айтганда, фарзандингиз билан мулоқотга жуда кам вақт ажратгансиз. Натижада у саволларига жавобни бошқа манбалардан қидира бошлайди: телевизор, интернет, шубҳали чет эл нашрлари...

Бир кун хорижий тилларни яхши билиши билан сизни фахрлантириб юрган қизингизни кўчада дугоналари даврасида сигарет чекаётгани ёки бирон йигит билан очиқчасига қучоқлашиб юрганини кўриб ўзингизни қўярга жой тополмай қоласиз. Нега? Нега бундай бўлди? Ҳайрон бўлманг, бу ҳолат шунчаки бугун содир бўлмади. Қизингиздаги бу иллат сиз эмас, дугоналари ва «кумир»лари берган тарбия «меваси»дир.

Илгари телевизоримизда тўртта канал бўларди. Бу каналлар болалар учун, оилавий томоша қилинадиган ва катталар учун деган вақт категорияларига ажратилганди. Менга 12 ёшимда «Ўткан кунлар» фильмини кўришга рухсат беришмаган, тасаввур қиляпсизми, ҳозирги маънавий қаричларимиз бўйича энг бокира фильмни. Экранда йигит билан қизнинг юзи бир-бирига яқинлашса, биримиз юзни четга бурган, иккинчимиз чой дамлаш баҳонасида ошхонага югурар эдик. Ҳозиргидек ота-онамиз қўлида бошқа каналга шартта олиб қўядиган пульт йўқ эди, лекин бизнинг онгимизда уят, андиша, деган «пульт» бор эди, ўша дарров ишга тушиб кетарди, бехато ишларди. Бугун ҳар бир инсоннинг онгида ишлаши лозим бўлган ўша фильтр йўқ, андиша пульти бошқаларнинг қўлида.

Қуш уясида кўрганини қилади. Аввало, биз ота-оналарнинг ўзи узоқдагиларни яқин қилишга мўлжалланган технологик воситаларга (телефон, телевизор, интернет) ружу қўйгани сари яқинидаги фарзандларини ўзидан узоқлаштирмоқда. Боламиз бизни китоб (ҳеч бўлмаса газета-журнал) ўқиётганимизни кўряптими ҳозир? Эр-хотин ўтириб, бирон қизиқарли китобни, тарбияга оид мавзуни муҳокама қилаётганимизни-чи? Йўқ.

Кейинги пушаймон

Психологларнинг айтишича, кўпроқ ўзига баҳоси паст, кучига ишонмаган, ички қўрқувини енга олмаган, журъатсиз ўсмирлар ва ёшлар тақлидга мойил бўлишар экан. Улар ўзи тенги, аммо кучли характерга эга тенгдошлари ёки бирон шоу-бизнес юлдузи таъсирига осон тушиб қолади, ўзидан тополмаган «мен»ини ташқаридан, ўша кучлардан қидиради.

Аянчлиси, бу таъсирга тушиш осон, ундан чиқиб кетиш эса қийин. Ҳамма мактабга формада эмас, жинсида боряпти-ку, деб бошланган тақлид бора-бора фалончи юлдузникидай «антиқа» соч турмаги, пистончи актёрникидек ҳашаматли тўй, яна аллакимникидай қимматбаҳо никоҳ сафарига уланиб кетади.

Аслида қайсидир кучли шахсга, ҳақиқий санъаткорга, ёрқин юлдузларга тақлид қилишнинг ёмон томони йўқ. Лекин енгил нарсага тақлид осонроқ-да. Насиба Абдуллаева ижросида олти дақиқали «Чаман ичра»ни тинглаш қайда-ю, уч дақиқа Жастин Биберга қўшилиб эчкидек сакраш қайда? «Меҳробдан чаён»ни бир ҳафтада ўқиб чиқиб, Анвару Раъно мушоирасидан завқланиш қайда-ю, ижтимоий тармоқда аллақайси қизнинг ўттиз сонияли шармандали иқрорини қайта-қайта кўриш қайда? Албатта, кейингиси осонроқ-да. Фақат... кейингиси зарарли, аянчли.

Бу енгил-елпилик, юзакилик, сийқаси чиққанлик умрингизни сабодек учириб кетяпти. Эртага ёшингиз ўтганда қарасангиз, Жастин Бибер аллақачон унутилган, ижтимоий тармоқни ишлатиш учун ўзингиз пул топишингиз лозим, мия эса бўм-бўш. На мақсад қўйгансиз, на унинг йўлида ҳаракат қилгансиз. Умрингизнинг асосий даврини тақлидга сарфлаб бўлгансиз. Бу эса сармоя тикиш эмас, капитални нотўғри сарфлашдир. Энди сиз умрингиз баҳори ўтгандан сўнг ё ҳаммасини қайтадан бошлайсиз, ё ўз вақтида олдига аниқ мақсад қўйганларнинг режаларини амалга ошириш учун ёлланиб ишлайсиз.

Ёруғлик йўли

Тўғри, инсон аслида яхши нарсаларга ўчлиги, уларни ўзлаштиришга қанчалик уринса, ёмон нарсаларга бефарқ бўлолмаслиги, уларни ичдан исташи, пировардида, уларга тақлид қилиши ҳам шунчалик табиийдир. Тақлид эса эпидемияга ўхшайди: у ёруғлик тезлигида тарқалиши мумкин. Шу боис яхшини ёмондан, фойдалини зарарлидан, ахлоқлини ахлоқсиздан ажратиш учун кишига ҳаётий билим, кўникма ва тажриба зарур бўлади. Буни эса ёшларга сизу биз — катталаргина тушунтиришимиз, ўргатишимиз лозим. Ана шундагина ўсиб келаётган авлодни «оммавий маданият»нинг зарарли оқибатларидан асрай олишимиз, атрофимиздаги иллатлардан халос этишимиз мумкин.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

"Оила даврасида" газетасидан олинди.

 

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама