Сувга ташна маҳалла

Сувга ташна маҳалла

Юртимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, сув чиқариш қудуқлари, сув миноралирини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурларининг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 прелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорида устувор вазифалар қаторида белгиланган.

Соҳага давлат бюджетидан маблағлар йўналтирилиши билан биргаликда йирик инвестициявий лойиҳалар ҳам жалб қилинмоқда. Бу эса аҳолига янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш имконини беради. Хўш, мазкур қарорнинг ижроси жойларда қандай бажарилмоқда?

Қарши шаҳридаги “Батош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди ахолиси ичимлик сувидан бебаҳра. Тўғрироғи, сувга ташна, зор ва интизор яшашмоқда. Аҳолига бир кунда икки маҳал сув белгиланган вақт асосида берилар экан. Аммо, ана шу пайтда ҳам сувнинг келганидан келмагани кўп бўларкан. Канализация тизимлари эскириб, яроқсиз бўлиб қолгани туфайли улар тез-тез ёрилиб кетаяпти. Натижада кўп қаватли уйларнинг ертўлалари сувга тўлиб-тошади. Бунинг оқибатида қўланса ҳид тарқалиб, касалликлар урчишига омил бўлаётир.

Маҳалла кўчаларида одамларнинг турнақатор бўлиб, турфа хил хажмдаги челакларда, сарғайиб кетган беш ва ўн литрлик баклашкаларда сув ташиб келаётганларини кўриб, уларга ачиндик. Ахир, бир марталик сарғайиб кетган бакалашка идишлардан доимий фойдаланиш қайси санитария-гигиена қоидаларига тўғри келади? Маҳалланинг айрим кўчаларида ҳалигача сув қувурлари ўтказилмаган. Бундай ҳолат ачинарли эмасми? Наҳотки, мутасадди ташкилотлар бунга эътибор қаратишмаса?

Биз “Батош” МФЙ раиси Искандар Абаевдан ушбу ҳолат бўйича изоҳ беришини сўрадик.

– Маҳалламиз шаҳримизнинг катта маҳаллаларидан бири ҳисобланади, – дейди у. – Унда 2575 нафар аҳоли яшайди. Хонадонлар сони 584 тани ташкил этади. 1 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси ва 6 та кўп қавтли уй мавжуд. Биз деярли ҳар куни ахоли билан сув муаммоси бўйича тўқнаш келамиз. Нима дейишга ҳам ожиз қоламиз. Айниқса, кўп қаватли уйда яшаётганларга сувни ташиб келиш катта машаққат. Бу масалани ҳар куни вилоят “Сувоқова” ДУКнинг шаҳар филиалига олиб чиқаман. Лекин ҳеч қандай натижа йуқ. Одамлар аксарият холларда сувсиз қолаяпти. Сувга муҳтож.

– Сув ва канализация тизими бўйича мурожаат қилмаган идораларимиз қолмади, – дейди шу маҳалла фуқароси, 80 ёшли Фая момо. – Самараси кўринмаяпти. Маҳалланинг Бегларбеги, Ўнгқирғоқ кўчалари ва “Насаф” ўйингоҳига хизмат қиладиган канализация насос станциясининг юқори босимли трубаси тез-тез ёрилади. Алалоқибат, КНСни ишлатган пайтда Бегларбеги кўчаси канализациясининг оқова суви босиб кетади.

Қизиқ, маҳалланинг қай бир кўчасида сув тошса-ю, яна қай бир кўчасида сув бўлмаса... Буни қандай баҳолаш мумкин? Мутассаддилар нима деб жавоб беришаркан?

Одамларнинг орзу-умидларини руёбга чиқариш ва уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳар бир раҳбар масъулдир. Қолаверса, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқ орасига бориб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш лозимлигини давр талаб этаяпти, Президент талаб этаяпти.

Саид Муродов

“Истеъмолчи” газетасидан олинди.

Hilol.uz'нинг Telegram каналига қўшилинг

Энг кўп ўқилганлар

Бизни кузатинг

Реклама